Ўзбекистонда аввалдан олис ҳудудда ишлаган ўқитувчиларга устама пули бериладими?
АОКАда 6 май, пайшанба куни Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова иштирокида бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистонда аввалдан олис ҳудудда ишлаётган ўқитувчиларга устамалар қай тартибда берилиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Унинг маълум қилишича, 2021 йил 1 мартдан бошлаб таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига:
• бир маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз;
• бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз устамалар тўланади.
Бундан ташқари, қарорда жорий этилган вақтдан сўнг бошқа ҳудудга бориб ишлаган педагогга устама ҳақ тўланади, яъни бунинг учун таьлим даражаси юқори бўлмаган мактабга бориб ишлаш учун бошқа худудда 1 йиллик педагогик фаолият юритган бўлиш лозим экани қайд этилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда таълим сифати паст бўлган мактабда ишлаган 1-тоифали ўқитувчига компенсация тўланиш ёки тўланмаслигига ойдинлик киритилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда мактаб ўқитувчиларига янги адабиётлар сотиб олиш учун бюджетдан маблағ ажратилиши маълум қилинган.