Қашқадарёда фуқароларни Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилиб, пул талаб қилган шахс ушланди
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида фуқароларни Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилиб, пул талаб қилган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, департаментнинг Чироқчи туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда фуқаро Т.Т. Н. ва Б.нинг ишончига кириб, уларни Жанубий Кореяга ишга жўнатишини ваъда қилган. Аниқланишича, у чет элга ишга жўнатиш эвазига 1750 доллар миқдорда пул олган.
Мазкур ҳолат юзасидан Т.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Фарғонада хорижга чиқиш учун 1200 долларга сохта ҳужжат тайёрлаб бермоқчи бўлган шахс ушлангани хабар қилинган. Шунингдек, Андижонда чет элга чиқиш учун 3900 долларга сохта ҳужжатлар тайёрлаб бермоқчи бўлган шахс ушлангани маълум қилинган.