Самарқандда магистрал сув қувури ёрилиши оқибатида йўл чўкди
Ҳолатни бартараф этиш учун 80 га яқин ходим жалб қилинган
Самарқанд вилоятида 6 май куни магистрал сув қувури ёрилиши оқибатида йўл чўкди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, ҳодиса 2021 йил 6 май куни тахминан соат 20:40 атрофида М-39 Алмати–Тошкент–Термиз автомобиль йўлининг 1081-километрида (ҳалқада) йўлининг тагидан ўтувчи 1200 миллиметрли юқори босимли магистрал сув қувурини ёрилган. Оқибатда йўлнинг чап томонидан катта миқдорда сув чиқиб йўлнинг четки қисмини 15х6 метр хажмда ювиб юборган.
Таъкидланишича, йўл қопламаси чўккан томонида транспорт воситаларининг ҳаракати тўхтатилиб, йўлнинг иккинчи томонидан узлуксиз ҳаракат таъминланган.
Ҳолатни бартараф этиш учун, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимидан 18 нафар, пост-паструль хизматидан 8 нафар, йўл қурилиш ташкилотидан 25 нафар, Самарқанд сув таъминоти МЧЖдан 27 нафар ходим, шунингдек, махсус техникалар жалб қилинган. Ҳодиса оқибатида жабр кўрганлар бўлмаган.
Аввалроқ Наманганда кучли ёмғир ёғиши оқибатида транспорт ҳаракати чеклангани хабар қилинган. Шунингдек, Aндижон–Тошкент йўналишидаги поезд 6 май, пайшанба куни Фарғона водийсида кузатилган ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Aнгрен вокзалида тўхтатилгани маълум қилинган.