Сурхондарёда қайнакаси томонидан калтаклангани айтилган аёл иши юзасидан қўшимча маълумот берилди
Сурхондарё вилояти Денов туманида эркак мол-мулк талашиб, келинини калтаклагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

Хабарга кўра, мазкур ҳолат Денов тумани бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими масъул ходимлари томонидан ўрганилган. Денов тумани Буюк ипак йўли маҳалласида яшовчи Қ.С. 22 апрель куни вилоят Ички ишлар бошқармаси 102 рақамига қўнғироқ қилиб, қўшниси Х.Г. уриб тан жароҳати етказгани ҳақида маълум қилган.
Туман марказий касалхонасининг 25 апрелдаги хабарномаси навбатчилик қисмида қайд этилиб, бўлган ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари туман ИИО ФМБ 2-сон Ички ишлар бошқармаси томонидан олиб борилмоқда. Фуқаро Қ.С.нинг мурожаатлари юзасидан суд-тиббиёт экспертизасидан ўтиш тўғрисида қарор берилган, фуқаронинг олган тан жароҳати енгил тан жароҳати тоифасига киради деб хулоса чиқарилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳолат бўйича ишчи гуруҳ тузилганини маълум қилган эди.
Мавзуга доир: Наманганда она-бола 30 га яқин эркак томонидан калтаклангани айтилган хабарга изоҳ берилди — видео
Aввалроқ Фарғонада аёл киши эри ва унинг Миллий гвардияда ишлайдиган акаси томонидан резина дубинка билан калтаклангани ҳамда Наманганда эр хотинини арқон билан боғлаб, кетмон дастаси сингунча калтаклагани ҳақида хабар берилган.