Тошкентда кўп қаватли уйларнинг бири ёғ қиздирилиши оқибатида ёниб кетди — видео
Тошкент шаҳар Юнусобод туманида 7 май, жума куни кўп қаватли уйларнинг бирида ёнғин содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Хабарга кўра, ёнғин 1965 йилда туғилган И.И. исмли фуқарога қарашли уйда содир бўлган. Уйнинг балконида 10 квадрат метр майдонда жиҳозлар ёнган. Ўт ўчирувчилар воқеа жойига соат 09:21 да етиб борган ва ёнғин 09:31 да ўчирилган.
Маълум қилинишича, уйнинг 60 квадрат метр майдони сақлаб қолинган. Шунингдек, ёнғин қозонда ёғ қиздирилиши оқибатида юзага келгани айтилмоқда.
Аввалроқ Сирдарёдаги Молия бош бошқармаси маъмурий биносида ёнғин содир бўлгани, Бекободда ёнғин бўлган уйда бир кишининг ҳаёти сақлаб қолингани ҳамда Намангандаги хонадонда рўй берган ёнғин бир соатдан кейин ўчирилгани ҳақида хабар берилганди.