«American Airlines» бош директори рўза тутди
«American Airlines» бош директори Дуг Паркер Рамазон ойида мусулмон ходимларини яхшироқ тушуниш мақсадида рўза тутганини айтди. Бу ҳақда унинг «LinkedIn» ижтимоий тармоғидаги саҳифасига жойланган хабарга асосланиб, «Daily Sabah» нашри маълум қилди.

Таъкидланишича, Паркер ўтган ҳафта компаниядаги бир гуруҳ ходимларнинг чақириғига жавоб бериб, улар билан бир кун рўза тутишга қарор қилган ва 15 соат давомида еб-ичмаган.
«Кун охирида оч қолганимни ҳис этдим. Бунинг устига, жуда чанқадим. Айтишим керакки, бу менда мусулмон ходимларимизга катта ҳурмат ва уларнинг эътиқодига содиқлик ҳиссини уйғотди», — дея ёзган саҳифасига Паркер.
Қайд этилишича, бош директорнинг ижтимоий тармоқлардаги ушбу пости 14 мингга яқин лайк йиғиб, 550 та шарҳ олган.
Аввалроқ Саудия Арабистони валиаҳди Рамазон муносабати билан аҳоли қарзини тўлашга қарор қилгани ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Каъбадаги Қора тошнинг юқори аниқликдаги фотосуратлари эълон қилинган.