«Ўзгидромет» инфратузилмаси модернизация қилинади
Ўзбекистон Миллий кутубхонасида 7 май куни Гидрометеорология хизмати ташкил этилганининг 100 йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий конференцияда «Ўзгидромет» бош директори Шерзод Ҳабибуллаев ташкилот инфратузилмаси модернизация қилинишини маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Унинг таъкидлашича, 2020 йилда метеорология станциялари сони 107 фоиз, қор кўчки станциялари 160 фоиз, автоматлаштирилган метеорологик станциялар улуши 56 фоизга кўпайган. Натижада об-ҳаво прогнозларининг ишончлилиги, огоҳлантиришлар ўз самарасини берганини қайд этган.
Раҳбарнинг сўзларига кўра, 2021–2022 йилларда гидрометеорология инфратузилмасини модернизация қилишда давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига жами 30 та объект қурилади. Шундан 17 та метеорология станциялари, 4 та гидрология станция, 4 та вилоят гидрометеорология бошқармалари учун янги бинолар қуриш ҳамда 20 та атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги пунктларини реконструкция қилиш ишлари режлаштирилган.
«Бундан ташқари, метеорология станцияларини 80 тага, қор кўчки станциялари 5 тага, фуқаро авиацияси метеорология станциялари 13 тага, агрометеорология постлари 35 тага, метеорологик радиолокаторлар 5 тага, гидрология постлари 137 тага етказилади», — дейди Шерзод Ҳабибуллаев.
Шунингдек, у 2021 йилда Бухоро вилоятида 1 та метеорологик радиолакатор тармоғи ишга туширилишини, Наманган вилояти учун 1 та метеорологик радиолакатор мажмуаси харид қилинишини таъкидлаган.
Аввалроқ «Ўзгидромет»да янги тайинловлар амалга оширилгани ва «Ўзгидромет»нинг асосий вазифа ҳамда функциялари белгилангани хабар қилинганди.