Ўзбекистонда эълонлар сайтидан бирида тулки боласи сотувга қўйилди
Ўзбекистоннинг оммабоп эълонлар сайти Olx.uz’да тулки боласи сотувга қўйилди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Маълум қилинишича, Olx.uz’да тулки эгаси «Қўлга ўргатилган, 2 ойлик тулки сотилади. Товуқ бошлари, оёқлари ва бошқа аъзоларини ейди. Гўштли бульонда каша ҳам қилиб бериш мумкин. Сотаман ёки жанговар кучукка алмашаман», — дея эълон қолдирилган.
Маълумотларга кўра, қолдирилган рақамга қўнғироқ қилинганда 12 ёшли бола билан боғланилган.

«Тулкичани менга акам совға қилган. Ўзи ҳайвонларга жуда қизиқади, акамга қўлга ўргатишга ёрдам қилганим учун тулкичани берди. Мен ҳам қушларга, ёввойи ҳайвонларга жуда қизиқаман. Тулкини сотиб олсангиз, ўзим зарур нарсалари билан бераман, қандай боқишни ўргатаман. Тишламайди, бемалол уйда боқса бўлади. Келинг, сотиб олинг», дейилади хабарда.
Аввалроқ Самарқандда ушланган шер боласи Тошкент ҳайвонот боғига топширилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Бухорода ноқонуний равишда ёввойи қуён овлаган браконьерлар қўлга тушгани маълум қилинган.