Ўзбекистонда эсдалик пул белгиларини тайёрлаш ва сотиш тартиби эълон қилинди
Марказий банк бошқарувининг «Марказий банкнинг эсдалик пул белгиларини тайёрлаш, сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Маълум қилинишича, низомда қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангалар билан бир қаторда нумизматика, коллекциялаш мақсадлари учун бошқа турдаги эсдалик пул белгиларини муомалага чиқариш ва уларнинг муомалада бўлиши бўйича талаблар белгиланмоқда.
Низомда эсдалик пул белгилари муомаладаги банкнотлар ва тангалар каби Ўзбекистон ҳудудида номинал қийматга эга нақд пул шаклидаги қонуний тўлов воситаси сифатида, шунингдек, номинал қийматидан юқори баҳоланувчи нумизматика, коллекциялаш, инвестиция ва жамғариш объектлари сифатида муомалада бўлиши қайд этилган.
Эсдалик пул белгиларининг намуналари ва уларнинг дизайни Сенат кенгаши билан келишилган ҳолда Марказий банк томонидан тасдиқланади. Шунингдек, муомалага чиқариладиган эсдалик пул белгиларини тайёрлашда инсон саломатлиги учун хавфсиз бўлган хом ашёлардан фойдаланилади.
Эсдалик пул белгилари дизайнида қуйидаги элементлар акс эттирилиши мумкин:
- муқаддас қадамжолар ва тарихий обидалар, замонавий меъморчилик объектлари тасвирлари;
- буюк сиймолар ижоди ва фаолиятига бағишланган тасвирлар, портретлар ва ҳайкаллар суратлари;
- миллий анъаналар ва қадриятларга доир тасвирлар;
- замонавий даврнинг муҳим воқеаларини, жаҳон тарихи, умумжаҳон маданияти ва қадриятларини ифода этувчи тасвирлар.
Аввалроқ Ўзбекистонда давлат бюджетини тузиш ва ижро этиш қоидалари эълон қилинганди. Шунингдек, Фарғонада салкам 10 миллион сўм қалбаки пул ишлаб чиқарган эркак ушлангани маълум қилинган.