Ўзбекистонлик ўқувчилар Wikipedia’нинг ўзбекча қисмини бойитиш устида ишламоқда
Ўзбекистонлик ўқувчилар Wikipedia’нинг ўзбекча қисмини бойитиш устида ишламоқда. Бу ҳақда «Diplomat International School» мактаби ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йилда мактаб ўқувчиларининг ташаббуси билан тарих ўқитувчиси Николай Артемев бошчилигида Wikipedia Бутунжаҳон интернет-қомусининг ўзбек тили қисмидаги мақолаларни тўлдириш ва такомиллаштириш учун «Wikischool» лойиҳаси яратилган.
Интернет-қомусга давлат амалдорлари, сиёсий арбоблар, сиёсий партиялар вакиллари тўғрисида маълумотлар киритилган. Айни вақтда рус тилида 150 дан ортиқ, ўзбек тилида 150 га яқин, инглиз ва немис тилларида ҳам кўплаб мақолалар тайёрланган.
Шунингдек, 2021 йил сўнгига қадар Wikipedia’нинг ўзбек тили қисмига 1000 дан ортиқ материал жойлаштириш режалаштирилган.
Аввалроқ ўзбекистонлик 7 нафар ўқувчи халқаро кимё олимпиадасида ғолиб бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, ўзбекистонлик боксчилар ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 10 та медални қўлга киритгани маълум қилинган.