Самарқанддаги қадимий ариқларнинг бирида бинафшаранг сув оқмоқда — видео
Самарқанд шаҳридаги қадимий ариқларнинг бирида бинафшаранг сув оқмоқда. Ҳолат юзасидан вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси изоҳ берди, дея хабар қилди «Zamon.uz».

Маълум қилинишича, 7 май куни Самарқанд вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳодимлари томонидан Самарқанд шаҳри бўйлаб кузатув назорати тадбирлари олиб борилган. Тадбир давомида шаҳар марказидан оқиб ўтувчи Чашма ва Сиёбча коллекторларининг бирлашиш қисмидан номаълум сабабларга кўра бинафша рангдаги таркибида ифлослантирувчи моддалар меъёридан ортиқча бўлган оқова сувлар оқаётгани кузатилган.
Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизмати раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозирда таркибида ифлослантирувчи моддалар меъёридан ортиқча бўлган оқова сувни коллекторга ким оқизаётганини аниқлаш мақсадида қўшимча суриштирувлар олиб борилган.
Бошқарма томонидан ташкил этилган тезкор гуруҳ томонидан олиб борилган суриштирувларда Самарқанд вилоят сув таъминоти МЧЖга қарашли Курчатова кўчасида жойлашган СП-3 оқова сув кўтариб бериш станцияси ишламаётгани аниқланган.
Аввалроқ Тошкент вилоятида 3 йилдан буён қон оқувчи ариқ юзасидан изоҳ берилганди. Шунингдек, Сирдарё вилояти Ховос туманидаги очиқ зовурлардан бирида қон оқаётгани, унинг сувидан аҳоли фойдаланаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. «Bugun.uz» ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан боғланган.