Тошкентда Христиан дини тадбирларини ўтказиш муносабати билан 1 кунлик автобус йўналишлари ташкил этилади
Тошкент шаҳрида Христиан динининг «Ота-оналарни хотирлаш» тадбирлари ўтказилиши муносабати билан 11 май куни 1 кунлик автобус йўналишлари ташкил этилади. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида 11 май куни Христиан динининг «Ота-оналарни хотирлаш» тадбирлари ўтказилиши муносабати билан йўловчилар ташиш узлуксизлигини таъминлаш мақсадида шаҳардаги метро станцияларидан ва аҳоли кўп йиғиладиган бекатлардан 1, 2, 3-сонли қабристонларгача қатновчи бир кунлик автобус йўналишлари ташкил этилади.
Вақтинчалик автобуслар қуйидаги йўналишларда йўлга қўйилади:
- К-1 Машинасозлар метроси—1 сонли қабристон (Боткин);
- К-2 Олмазор метроси—2 сонли қабристон (Дўмбиробод);
- К-3/1 Буюк Ипак йўли метроси—3 сонли қабристон (Ўртасарой);
- К-3/2 Қўйлиқ деҳқон бозори—3 сонли қабристон (Ўртасарой).
Автобус сони:
- 3 та Isuzu «2-автобус саройи» МЧЖ;
- 4 та Isuzu «7-автобус саройи» МЧЖ;
- 4 та MAN «5-автобус саройи» МЧЖ;
- 4 та MAN «1-автобус саройи» МЧЖ.
Ташкил этилган бир кунлик йўналишлар 07:00 дан 18:00 га қадар ҳаракатини давом эттиради.
Аввалроқ Ўзбекистонда овқатланиш муассасалари ва автобусларда ўринлар сони чекланиши хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкентда Рамазон ойи муносабати билан 13 та автобус йўналиши ўзгариши маълум қилинган.