Тошкентда «Мерос» фильмининг премьераси бўлиб ўтди
Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги киносаройда Кинематография агентлиги буюртмаси асосида суратга олинган «Мерос» фильмининг премьераси бўлиб ўтди.

Маълум бўлишича, премьера аввалида Ўзбекистон–қозоқ миллий маркази фаоллари ва вакиллари ўз чиқишлари билан тадбирни бошлаб берган. Агентлик бош директори Фирдавс Абдухолиқов, бош директор ўринбосари Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистон–қозоқ миллий маркази раиси Серикбай Усенов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан тинчлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбоновлар сўзга чиққан.
Суратга олиш жараёнлари Беларусда бўлиб ўтган. Ушбу фильм Иккинчи жаҳон уруши давридаги ўзбек ва қозоқ ёшларининг муҳаббати ҳақида ҳикоя қилади. Кинофильмда сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр Ҳилол Насимов, постановкачи оператор Ҳусан Алиев, композитор Дмитрий Янов-Яновский, постановкачи рассом Фазлиддин Турдиев. Фильмда Рустам Каримов, Мунаввара Абдуллаева, Ғайрат Ҳусайинов, Бобур Айтбагамбетов, Фотиҳ Насимов, Ойсанам Юсуповалар роль ижро этган.
Эслатиб ўтамиз, 7 май куни режиссёр Шуҳрат Маҳмудов томонидан суратга олинган «Матонат» ҳужжатли фильмининг, режиссёр Али Ҳамроев раҳбарлиги остида 4 нафар ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган Зебо Ғаниева, Қудрат Суюнов, Иноят Наврўзбоев, Мамадали Топволдиев каби ўзбекистонлик уруш қаҳрамонлари ҳақидаги «Унутилмас қаҳрамонлар» туркум ҳужжатли фильмларининг ҳам премьераси ўтказилган.
Таъкидланишича, «Матонат» ҳужжатли киноасари ва «Унутилмас қаҳрамонлар» туркум ҳужжатли фильмлари Ўзбекистон телеканалларига тақдим этилиши айтилган. Фильмларни 9 майда телеэкранлар орқали намойиш этилади.
Шунингдек, чет эл кинофондларидан рақамлаштирилиб, юртимизга қайтарилган «Сен етим эмассан», «Жарроҳ«, «Генерал Раҳимов», «1941 йил олмалари», «Унутилмаган қўшиқ» каби 15 та дурдона асарнинг айримлари илк бора тўлиқ ва асл ҳолатда телевидение орқали намойиш этилиши режалаштирилган.
Аввалроқ хорижий теле-кино гуруҳлар «Янги Ўзбекистон» ҳақида фильмлар суратга олиши хабар қилинган. Шунингдек, Тошкентда ёш киноижодкорлар грант билан тақдирлангани маълум қилинган.