Фарғонада табрик плакатларидан бирида немис аскарлари тасвирлангани юзасидан изоҳ берилди
Фарғона шаҳридаги «Ватанпарварлар боғи»да «Хотира бор экан – миллат барҳаёт» сўзлари остида немис аскарлари расми туширилган кўчма плакат суратлари тарқалди. Вилоят ҳокимлиги мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Хабарга кўра, 9 май куни Фарғона шаҳрида Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги катта тантана билан нишонланган. Байрам тантаналари ичида боғ ҳудудида «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлимининг қўпол техник хатоси ва эътиборсизлиги оқибатида шундай ҳолат кузатилган.
Ҳозирда вилоят ҳокимлиги томонидан ушбу масала юзасидан ўрганиш бошланган. Дастлабки суриштирувга кўра, интернетдан Иккинчи жаҳон уруши даври билан оид расмларга қидирув бериб, етарли билимсизлик туфайли тасодифий расм олингани, плакат дизайнида фойдаланилгани маълум бўлди. Таъкидланишича, ким плакат макетини тайёрлаган, нега бу расмни танлаган, нега тасдиқлатилмаган ҳолда ўрнатилган, буларнинг бари батафсил ўрганиб чиқилади. Айбдорларга кескин чоралар кўрилади.
Қайд этилишича, ҳозирда кўчма плакат «Ватанпарварлар боғи»дан олиб ташланди, ўрнига Иккинчи жаҳон урушида қаҳрамонлик кўрсатган ўзбек жангчилари тасвирланган баннер ўрнатилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент метросидаги таблода уятсиз ёзув пайдо бўлганига изоҳ берилган эди.