«Фарзандларимиз уруш нималигини билмасин». Танзила Норбоева ўзбек халқини Хотира ва қадрлаш куни билан табриклади
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ўзбек халқини 9 май — Хотира ва қадрлаш куни билан табриклади.

Танзила Норбоева табрик бошида ўзбек халқининг иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага қўшган улкан ҳиссаси беқиёс эканини таъкидлаб ўтган.
«9 май — Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами муносабати билан сизларни самимий табриклайман.
Ўзбекистон халқининг бағрикенглиги, жасорати ва Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага қўшган улкан ҳиссаси беқиёс. Эътиборлиси шундаки, бу кун нафақат Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ёки оғир кунларни сабр-бардош билан енгган фронторти заҳматкашлари ёдга олинмоқда, балки мамлакат тараққиёти, юрт равнақи учун ўз ҳиссасини қўшган фахрийларимизга ҳам эҳтиром кўрсатилмоқда. Бунинг замирида кучли маъно бор. Ёш авлодни фидойилик, меҳнатсеварлик, аждодларимизнинг буюк ишларидан фахрланиш, уларга муносиб ворислик руҳида тарбиялашда кучли аҳамиятга эга», — дейди Сенат раиси.
Шунингдек, у бугунги бунёдкорлик ишларида мамлакат тинчлиги ва осойишталиги улуғ неъмат эканини қайд этган.
«Бугунги бунёдкорлик ишларимизда мамлакат тинчлиги ва осойишталиги улуғ неъматдир. Тинчлигимиз ва бирдамлигимиз абадий бўлсин. Фарзандларимиз уруш нималигини билмасин.
Ватанга муҳаббат ва садоқат хар биримизнинг юрагимизда жўш уриб, хар соҳада давом этаётган жадал ривожланиш жараёнларига мустаҳкам замин бўлишига тилакдошман. Ўзбегимнинг хонадони обод, дастурхони мўл-кўл бўлиб, нуроний отахон-онахонларимиз дуолари ижобат бўлсин! Барчангизга соғлиқ тилайман», — дея табрикни якунлаган Танзила Норбоева.