Мексикадаги қадимги майя ғоридан сирли қўл излари топилди — видео
Мексикада археологлар Юкатан ярим оролининг шимолидаги ғордан асосан болаларга тегишли бўлган 137 та қизил ва қора қўл изларини топди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Келтирилишича, топилма майялар муқаддас деб билган улкан cеиба дарахтидан ўн метр пастда ҳамда майянинг йирик сиёсий ва диний марказлари — Ушмаль ва Чичен-Ица пирамидаларига нисбатан яқин жойда жойлашган. Олимлар қўл излари 1200 йил олдин болаларнинг балоғатга етиши муносабати билан майя маросимида туширилганини тахмин қилган.
«Улар қўл изларини деворларга қора рангда қолдиришган, бу рамзий маънода ўлимни билдирган, аммо бу уларнинг ўлдирилишини эмас, аксинча маросим нуқтаи назаридан ўлимни англатган. Кейинчалик болалар қизил изларни қолдирган, бу уруш ёки ҳаётга ишора ҳисобланган», — дея маълум қилган археолог Серхио Гросжан.
Ғордан топилган майяликларга тегишли топилмалар орасида 800–1000 йиллар оралиғидаги тошга ўйилган бўртма юз ва олтита бўялган ҳайкаллар тасвири ҳам бор.
Аввалроқ Саудия Арабистонида Миср пирамидаларидан ҳам қадимийроқ иншоотлар топилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Мисрда қум остида қолган шаҳар топилгани маълум қилинган.