Шавкат Мирзиёев «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди — фото
Шавкат Мирзиёев 9 май куни «Ғалаба боғи»га ташриф буюриб, «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, атроф байрамона безатилган. Қуролли Кучлар тизимига кирувчи вазирлик ва идораларнинг раҳбарлар таркиби саф тортган. Давлат раҳбари, Қуролли Кучлар олий бош қўмондони уларни байрам билан табриклади. Ҳарбий оркестр ижросида «Хотирлаш куйи» янгради. Президент «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди. Шунингдек, Қуролли Кучлар тизимига кирувчи вазирлик ва идоралар вакиллари ҳам мажмуа пойига гуллар қўйди.

Маълумот учун, бу ёдгорлик Иккинчи жаҳон урушида беш ўғлидан айрилган матонатли она — Зулфия ая Зокирова, унинг садоқатли келинлари ва етим қолган набиралари хотирасига бағишлаб барпо этилган. У ўзбек халқининг урушдаги йўқотишлари, ғалабага қўшган улкан ҳиссасининг тимсоли сифатида боғ марказидан ўрин олган. Бу ёдгорликка гул қўйиш барча Ўзбекистон оналарига юксак ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.


Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасида ўтказилаётган 9 май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирда нутқ сўзлаган эди.