Ташқи ишлар вазири Хитойга боради
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 11-12 май кунлари Хитойга боради. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 11-12 май кунлари Ташқи ишлар вазири Сиан шаҳрида бўлиб ўтадиган «Хитой–Марказий Осиё» иккинчи вазирлар учрашувида иштирок етиш учун Хитой Халқ Республикасига ташриф билан боради.
Тадбирда Хитой, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ҳам қатнашади.
Вазирлар учрашувида ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, томонлар учун манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт йўлаклари боғлиқлигига кўмаклашиш ва узлуксиз савдога кенг йўл очиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ҳамда замонавий чақириқ ва таҳдидларга қарши курашиш борасидаги муносабатларни чуқурлаштиришга оид долзарб масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган.
Ташриф давомида вазир Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан икки томонлама музокаралар ўтказади ва «Ипак йўли» 5-Халқаро ЭКСПО очилиш маросимида нутқ сўзлайди.
Аввалроқ ташқи ишлар вазири Қиғизистоннинг Тошкентдаги элчихонасига ташриф буюргани хабар қилинганди. Шунингдек, ташқи ишлар вазири амалий ташриф билан Қатарга боргани маълум қилинган.