Бугун оқшоми. Тошкент осмонидаги «фаришталар», Отабек Сатторийга 6 йилу 6 ой, криптовалюта учун янги давр ва 10 майнинг муҳим хабарлари
10 майнинг энг муҳим ва актуал хабарлари битта дайжестда!
«Бу, катта эҳтимол билан, ‘прожектор’». Тошкент осмонида «учган» номаълум жисмлар юзасидан изоҳ берилди.
Бир неча кун аввал Тошкент осмонида номаълум учар жисмлар кўрингани ҳақидаги видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ҳодисага аниқлик киритиш ва у қандай жараён экани борасида маълумот олиш учун сайтимиз мухбири вазирлик ва ташкилотлар билан боғланди.
Мухбиримиз боғланган Мудофаа вазирлиги ходими бу ҳолатга вазирликнинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирди. Шунингдек, Гидрометеорология матбуот хизмати ходими ҳам бу ҳолатга ҳеч қандай тегишлилиги йўқлигини айтди.

Фанлар академияси Астрономия институти илмий ишлари бўйича директор ўринбосари Юсуф Тиллаев ҳолат бўйича якуний ҳулосага келиш учун етарли материалларга эга эмаслигини таъкидлади. Биргина видеолавҳа билан бирор нарсани ўрганиш қийин, агар статистика бўлса, у объективлик беради. У бунга мисол қилиб бир ой олдин Ерга метеорид тушгани, буни нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни давлатларда ҳам кузатишганини келтирди.
«Тахминлар ҳам бор, лекин асосланмаган. Бу, катта эҳтимол билан, ердан туриб ёритадиган ‘прожектор’. Бунақа прожекторлар Тошкент шаҳрида жудаям кўп. Фақатгина битта фарқи бор, яъни қандай нурлар ишлатилишига ва атмосферадаги намлик миқдорига қараб, унинг ёруғлик излари қолиши ёки қолмаслигини билиш мумкин. Видеода кўринганидек, ёруғликнинг биттаси ягона нуқтага қаратилган, қолганлари эса атрофида ҳаракатланяпти. Бу дегани ерда турган, бир нечта ёриткичдан иборат прожектор. Бу қандайдир прожекторлигини эса 100 фоиз ишонч билан айтолмаймиз», — деди Юсуф Тиллаев.
Блогер Отабек Сатторий 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Сурхондарё вилоятида жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида 10 май куни Отабек Сатторийга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жарайони ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Унга кўра, фуқаро Отабек Сатторий айбловнинг жабрланувчини ҳақорат қилгани бўйича Жиноят кодексининг 140 моддаси (Ҳақорат қилиш) 3 қисми «а» банди билан ҳамда 3 нафар фуқарога нисбатан такроран товламачилик қилганлиги бўйича Жиноят кодексининг 165 моддаси (Товламачилик) 2 қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбсиз деб топилиб, оқланди.
Маълум қилинишича, у Жиноят кодексининг 139-моддаси (Туҳмат) 3-қисми «а», «г» бандлари ва 165-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси (Жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари)га асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли орқали узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Шунингдек, Отабек Сатторий сотиб олган квартира тузилган олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас деб топилиб, Сатторий фойдасига жами 234 миллион сўмдан кўпроқ маблағ ундирилиши белгиланди.
Бундан ташқари, блогернинг адвокати Умид Давлатов апелляция беришини маълум қилди.
«Сардоба иши» бўйича айбдорларга суд ҳукми ўқилди. Улардан энг ками 3 йил, энг кўпи 10 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида 10 май, душанба куни «Сардоба иши» бўйича айбдорларга суд ҳукми ўқилди. Суд ёпиқ тарзда ўтказилган. Унда 17 нафар айбдор шахс турлича жазо олди. Айбдорларнинг аксар қисми тадбиркорлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган, катта миқдорда жаримага тортилган ва 10 йилгача бўлган муддатда қамоқ жазоси тайинланган.

Айбдорларнинг фамилияси, лавозими ва тайинланган жазоси билан қуйидаги манзилда батафсил танишиб чиқишингиз мумкин.
Шавкат Мирзиёевнинг бир ҳафтаси: У бу ҳафтада нималар қилади?
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳафталик иш графиги қандай бўлиши маълум қилинди.

Унга кўра, давлат раҳбари 10 май куни давлат хизматларини кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича махсус тақдимот билан танишади. Шунингдек:
- соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш жараёнлари ҳамда соҳада давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти;
- ҳудудларнинг иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича видеоселектор;
- Япония етакчиси ва минтақа мамлакатлари раҳбарлари билан Президентнинг мулоқоти режалаштирилган.
Бундан ташқари, яқинлашиб келаётган Ҳайит байрамини нишонлаш бўйича Президентга қарор лойиҳаси бўйича ахборот берилиши қайд этилган.
Ўзбекистонликлар Рамазон ҳайити муносабати билан кетма-кет 4 кун дам олади. Президент қарори билан Ўзбекистонда Рамазон ва Қурбон ҳайити арафасида қўшимча дам олиш кунлари белгиланди.
Маълум қилинишича, 13 май (Рамазон ҳайити), 14–15 май (қўшимча дам олиш кунлари) ишланмайдиган кунлар сифатида белгиланди.
Рамазон ҳайити карантин талабларига мувофиқ, республикада миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказилади.
Қурбон ҳайити муносабати билан 20–22 июль дам олиш кунлари сифатида белгиланди (17 июль ва 24 июль учун дам олиш кунлари кўчирилади).
Шунингдек, 31 декабрь ҳам қўшимча дам олиш куни этиб белгиланди.
«30 йиллик муаммо яна ортга сурилди». Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси қонуни муҳокамаси узайтирилди.
Давлат тилини ривожлантириш департаменти маълум қилишича, «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси 2021 йилнинг 1 ноябрига қадар давом этади.
Маълум қилинишича, дастлабки муҳокамаларда, хусусан, 15 кунлик муҳокама давомида лойиҳа 26 мингдан ортиқ киши томонидан кўриб чиқилган ва 1035 та фикр қолдирилган. Таклифларнинг 56 фоизи (547 таси) лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг ислоҳ қилинишини, 32 фоизи (302 таси) эса амалдаги алифбода қолишни ёқлаган. Шунингдек, унга яна баъзи ўргартиришлар киритиш таклиф қилинган.
Хўш, оламда нима гап?
Озарбайжон томони Тоғли Қорабоғдаги урушда 3 мингга яқин аскар ҳалок бўлганини эълон қилди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувларда Озарбайжон қуролли кучларининг 2895 нафар ҳарбий хизматчиси 8 май куни дафн этилган.

Сентябрь ойида кечган урушда Арманистон ва Озарбайжон томонидан тахминан 8,5 минг киши ҳалок бўлгани таъкидланган.
Коронавируснинг Ҳиндистондаги хавфли штамми бутун дунёга тарқалиши мумкин. ЖССТ бош олимининг сўзларига кўра, Ҳиндистонда тарқалган коронавирус штамми юқумли, вакциналар эса унга самарасиз, касаллик дунё бўйлаб тарқалиши мумкин. Ҳозирча ташкилот уни «қизиқарли вариант» рўйхатига киритган, аммо «ташвишлантирувчи вариантлар»нинг қисқа рўйхатига қўшишга шошилмаяпти.
«Борма, куясан»: Сайёҳларга бориш тавсия этилмайдиган энг хавфли мамлакатлар рўйхати янгиланди. «International SOS» тиббиёт ва сайёҳлик ташкилоти 2021 йилда саёҳат қилиш учун энг хавфли бўлган мамлакатларнинг янгиланган харитасини эълон қилди. Унга кўра, саёҳат учун энг хавфли ҳудудлар рўйхатига Сурия, Ливан ва қўшни Афғонистонлар киритилган. Ўзбекистон хавфлилик даражаси бўйича иккинчи босқич, яъни паст хавфли мамлакатлар рўйхатига киритилган.

Бунда хавлилик даражаси сиёсий вазият, ижтимоий тартибсизликлар хавфи, шунингдек, зўравонлик билан содир этилган жиноятлар ва майда безорилик ҳолатларига кўра белгиланган.
Криптовалюта учун янги давр: «SpaceX» компанияси Ойга сунъий йўлдош учириш бўйича янги шартнома имзолади. Илон Маскнинг «SpaceX» ва Канада компанияси томонидан 2022 йилда Ойга сунъий йўлдош учириш бўйича шартнома имзоланди. Эътиборли томони, лойиҳа тўлиқ «Dogecoin» криптовалютаси томонидан молиялаштирилади. Ойга сунъий йўлдош учириш миссияси «DOGE-1» деб номланган. Шундай қилиб, «SpaceX» ва GES (Канада компанияси) «Dogecoin» криптовалютасини «космик соҳадаги ой бизнесининг ҳисоб-китоб бирлиги» сифатида бирлаштирди.
Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.