Бухорода 2 нафар 6-синф ўқувчиси бир неча йигит томонидан калтакланди — видео
Бухоро вилоятида 2 нафар 6-синф ўқувчиси бир неча йигит томонидан калтакланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Маълум қилинишича, 6 май куни Бухоро шаҳар Алпомиш ва Турди Фароғий кўчаларининг кесишмасида жанжал содир бўлган. Ҳолат юзасидан келиб тушган хабар Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 3-сонли ички ишлар бўлими навбатчилик қисмидаги «Шакл 2» китобига 6 май куни 511/2121 рақам билан қайд қилинган.
Шунингдек, жабрланувчилардан тегишли тартибда ариза ва тушунтириш хатлари олинган. Уларга етказилган тан жароҳатларининг оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида суд тиббий экспертизаси ўтказилган.
Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармасининг назорати остида мазкур ҳодиса юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Навоий вилоятида аёл ўқитувчи калтаклангани хабар қилинганди. Шунингдек, Қашқадарёда туман ҳокимлиги ёнида қиз бир нечта йигит томонидан калтаклангани маълум қилинган.