Фарғонада қувиб ўтиш қоидасини бузган «Cobalt» ЙТҲга учради
Фарғона вилояти Бешариқ туманида қувиб ўтиш қоидасини бузган «Cobalt» йўл-транспорт ҳодисасига учради. Бу ҳақда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, воқеа 10 май, душанба куни соат 8:50 атрофида туманнинг Марғилон–Олтиариқ–Риштон–Каримдевона йўналишидаги автомобиль йўлида рўй берган.
Аниқланишича, «Cobalt» автомобили ҳайдовчиси Ю. исмли фуқаро машина тезлигини оширгани, қувиб ўтиш қоидасини бузиб ўтгани сабаб йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Бунинг оқибатида ҳайдовчи вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилояти Қизилтепа туманида 3 май, душанба куни катта тезликда ҳаракатланган «Tracker» йўлдан чиқиб кетиб, автоҳалокат содир этгани оқибатида воқеа жойида 2 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган. Шунингдек, Россияда ўзбекистонлик эркак «мойка»дан «Lexus» ўғирлаб, йўл-транспорт ҳодисасига учрагани маълум қилинган.