Ўзбекистонда олис ҳудудда ишлайдиган ўқитувчиларга ойлик компенсация тўлашда айрим чекловлар бекор қилинди
Президент фармони билан узоқ ҳудудга бориб ишлайдиган педагогларга қўшимча имтиёзлардан халқ таълими тизимидаги барча педагог ходимлар фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, олис ҳудудда жойлашган мактабларга бошқа ҳудуддан келиб ишламоқчи бўлган ўқитувчиларга белгиланган қўшимча рағбатлантириш 3 йилдан кўпроқ тажрибага эга бўлган ўқитувчилар учун ҳам қўлланиладиган бўлди. Президентнинг 2021 йил 11 январдаги «Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.
Қарорга мувофиқ, халқ таълими тизимидаги олис ҳудудларда жойлашган умумтаълим мактабларига бошқа ҳудуддан келиб ишловчи ўқитувчилар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик бошланғич ёрдам пули берилиши таъкидланган.
Шунингдек, 2 баравари миқдорида уй-жой ижараси учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари бўйича имтиёзи тақдим этилиб, ушбу имтиёзлардан фақатгина олий таълим муассасани охирги 3 йил давомида тамомлаган битирувчилар фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатиб ўтилган эди. Бу эса жойларда ушбу қўшимча тўловларни кўп йиллик меҳнат тажрибасига эга ўқитувчиларга берилишида қийинчилик туғдираётган эди.
Ҳозирда ушбу ўқитувчиларни ҳам олис ҳудудлардаги умумтаълим муассасаларида меҳнат фаолиятини йўлга қўйиш ва уларнинг билим-тажрибасидан самарали фойдаланиш мақсадида Президентнинг 5 майдаги «Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида»ги фармони имзоланган.
Унга кўра, ушбу чекловлар бекор қилиниб, кўпроқ стажга эга бўлган ўқитувчиларга ҳам имтиёзлардан фойдаланиш имконияти тақдим этилган.
Агар олис ҳудуддаги мактаб таълим сифати паст мактаблар рўйхатига ҳам кирган бўлса, олис ҳудудлар бўйича бериладиган қўшимча имтиёзлар, таълим сифати паст бўлган мактабларга бошқа ҳудудлардан келиб ишлаётган ўқитувчиларнинг имтиёзларига қўшимча равишда берилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда аввалдан олис ҳудудда ишлаган ўқитувчиларга устама пули берилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда таълим сифати паст бўлган мактабда ишлаган 1-тоифали ўқитувчига компенсация тўланиш ёки тўланмаслигига ойдинлик киритилганди.