«Perseverance» марсоходи илк бор Марсда учаётган вертолётнинг овозини ёзиб олди — видео
NASA’нинг «Perseverance» марсоходи бошқа сайёрадаги космик қурилманинг товушларини ёзиб олган биринчи космик қурилма сифатида тарихга кирди. Бу ҳақда NASA маълумотига таяниб, «3dNews» хабар берди.

Маълум бўлишича, «Perseverance» марсоходи 2021 йил 30 апрелда тўртинчи парвозини амалга оширган «Ingeunity» вертолётининг овозини «SuperCam» орқали ёзиб олган. Дастлаб тадқиқотчилар марсоход «Ingeunity» вертолётининг кўтарилиши ва қўнишига 80 метр масофада жойлашгани сабабли микрофон ҳеч нарса ёзмайди деб тахмин қилган. Аммо марсоход вертолётдан чиқаётган товушларни қийинчилик билан бўлса ҳам қайд этган.
Ёзув сифатини ошириш учун тадқиқотчилар унда фақат 84 герц частотали вертолёт овозини қолдирган. Шунингдек, 80 герцдан паст ва 90 герцдан юқори частоталардаги овоз баландлигини камайтирган.
«Бу ажойиб янгилик. Марснинг атмосфераси овознинг тарқалишини камайтиради. Бизга шундай масофада вертолёт овозини ёзиб олиш насиб қилди. Ушбу ёзув Марс атмосферасини тушунишимизга хизмат қилади», — дея маълум қилган сайёрашунос профессор Дэвид Мимун.
Аввалроқ NASA Халқаро космик станцияга сайёҳ жўнатиш бўйича шартнома имзолагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, NASA вертолёти биринчи марта Марсда янги жойга учиб ўтгани маълум қилинган.