Тошкентда йўловчи талашган ҳайдовчи бошқа бир ҳайдовчини пичоқлади
Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги Тошкент ҳалқа айланма йўли кўчасида жойлашган Андижон вилоятига қатновчи автотураргоҳда йўловчи талашган ҳайдовчи бошқа бир ҳайдовчини пичоқлади. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент–Андижон йўналишида норасмий равишда йўловчи ташиш билан шуғулланиб келган А.Т. бошқа бир ҳайдовчи Қ.И. билан тортишиб қолган ва уни ўзаро гаплашиб олиш учун автотураргоҳдан холи жойга олиб чиққан. Гаплашаётиб А.Т. Қ.И.нинг юзига урган ва у мувозанатни йўқотиб, ерга йиқилган. Жанжални кўрган атрофдаги фуқаролар воқеа жойига етиб келиб, уларни ажратиб қўйган.
Шундан сўнг Қ.И.нинг шеригидан жаҳли чиқиб, машинасининг ўриндиғи остида сақлаб келган ошхона пичоғи билан А.Т.ни қасддан ўлдирмоқчи бўлган. Пичоқни шимининг бел қисмига беркитиб, автотураргоҳ кириш дарвозаси олдида турган А.Т.нинг орқасидан етиб борган ва унинг юзига, бошига бир неча маротаба урган. Шундан сўнг А.Т. ундан қочиб, автотураргоҳ ичкари қисмига югуриб кетган. Қ.И. унинг ортидан қувлаётганида ўша ердаги назоратчилар томонидан ушлаб қолинган.
А.Т. шифохонага олиб борилиб, тиббий муолажа қилинган. Суд тиббиёт экспертизаси Т.А. олган жароҳатлар ҳаёт учун хавфли бўлмаган ўртача оғир тан жароҳатлари экани тўғрисида хулоса берган.
Қайд этирлишича, мазкур ҳолат юзасидан Қ.И. Жиноят кодексининг 25 (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш),97-моддасининг (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилиб, 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо умумий тартибли колонияларда ўталиши белгиланди.
Аввалроқ Наманганда танишининг уйига келган эркак бошқа бир эркакни пичоқлагани хабар қилинган эди. Шунингдек, Россияда ўзбекистонлик эркак танишини пичоқлагани маълум қилинган.