Янги Наманган тумани ҳокимлиги ташкил этилди
Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган тумани ҳокимлиги ташкил этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram каналида хабар берилди.

Хабарга кўра, «Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган туманини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори 8 май куни қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган тумани ҳокимлиги ташкил этилди.
Қайд этилишича, туманда қўшимча штат бирликлари ажратилган ҳолда адлия бўлими, давлат хизматлари маркази ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ташкил этилади. 2022 йил 1 декабргача туманнинг маъмурий-ҳудудий чегарасини ҳисобга олган ҳолда, Наманган шаҳрининг 2040 йилгача бўлган бош режаси ишлаб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенатининг 24 апрелдаги ўн тўртинчи ялпи мажлисида Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган тумани ташкил этилгани маълум қилинган эди.