Жамоат хавфсизлиги университети профессионал ЙПХ ходимлари тайёрлайди
АОКАда 10 май, жума куни Миллий гвардия мутасаддилари ва Жамоат хавфсизлиги университети раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида жамоат хавфсизлиги университетида профессионал ЙПХ ходимлари тайёрланиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Профессор Мирафзал Мирақуловнинг таъкидлашича, илгари жамоат хавфсизлиги деган мутахассислик бўлмаган. Унинг айтишича, эндиликда бу хавсизликнинг тизимли комплекс имконияти яратилган.
«Жамият, муомала, ҳуқуқий онг ўзгаряпти. Йўл-патруль хизмати ходимларининг мулоқот самарадорлиги ҳамда муомала маданиятига кўплаб эътирозлар бўлаётгани ҳам сир эмас. Буларнинг олдини олиш мақсадида Жамоат хавфсизлиги университетида одамлар билан муносиб мулоқот қилиш маъданияти ўргатилади», — дейди у.
Шунингдек, у бугунги кунда фуқаролар ижтимоий тармоқда фаоллиги сабаб ЙПХ ходимлари биринчи навбатда ўз ҳуқуқарини тўлиқ билиши кераклигини таъкидлаган:
«Университетда одамлар билан қандай муомала қилиш кераклиги мустаҳкам ўргатилади. ЙПХ ходимлари камерани кўрганда қочиб кетмайди. Ёки ҳайдовчи ҳуқуқбузарлик қилса ҳам кетаверинг, менга эътироз билдирмасангиз бўлди, деган аҳволга тушмайди. Буларнинг ҳаммаси университетда ўргатилади. Кадр тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш, малакасини оширишга оид таълим стандартлари янгиланади».
Шу билан бирга, олдин умумий психология ўтилган бўлса, энди университетда йўл хавфсизлиги соҳасида психология ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида рақамли технологиялар бўйича махсус ихтисослашган фанлар ўтилишини қайд этган.
Аввалроқ Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти Жамоат хавфсизлиги университети этиб қайта ташкил этилгани ва Жамоат хавфсизлиги университетига раҳбар тайинлангани ҳақида хабар қилинганди.