БМТ дунёда янги турдаги мутацияланган вируснинг тарқалиши хавфидан огоҳлантирди
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош котиби Антониу Гутерриш вакциналарга чидамли коронавирус мутациясининг пайдо бўлиш эҳтимоли ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

«Ҳозирги вазиятдан жуда хавотирдаман. Баъзи мамлакатлар ўз аҳолисини жуда тез эмлашмоқда. Аммо ҳали ҳам битта дозани олмаган бир қатор мамлакатлар мавжуд ва умуман ривожланаётган мамлакатларда биз эмлаш соҳасида сезиларли бўшлиқни кўрмоқдамиз», — дея маълум қилган Гуттериш.
БМТ бош котибининг сўзларига кўра, агар коронавирус «глобал жанубда» ёнғин каби тарқаладиган бўлса, унда у тобора кўпроқ мутацияларга сабаб бўлади ва ишлаб чиқилган вакциналарга чидамли штаммни яратади.
«Бу ҳамма хавфсиз бўлмагунча, ҳеч ким хавфсиз бўлмаслигини англатади», дея таъкидлаган Гуттериш.
Шунингдек, у «эмлаш миллатчилиги»ни катта хато дея баҳолаган ва мамлакатларда вакциналарни самарали равишда тарқатишга қаратилган «COVAX» ташаббуси молиявий етишмовчиликни бошдан кечираётгани, шу билан бирга, бугунги кунда турли мамлакатлар томонидан экспортга қўйиладиган чекловлар туфайли таъминот билан боғлиқ муаммолар юзага келаётганини айтган.
Аввалроқ БМТ инсониятни глобал исиш хавфидан огоҳлантиргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, дунёда 2021 йилда 34 миллион аҳоли очликка дуч келиши маълум қилинган.