Ғазо секторидан Исроилга бир кечада 200 га яқин ракета учирилди
Ғазо секторидан 10 май куни тунда Исроил томонга 200 га яқин ракета учирилди. Бу ҳақда ҳарбийларга асосланиб, «The Times of Israel» хабар берди.

Ҳарбийларнинг сўзларига кўра, «Темир гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизими ракеталардан тахминан 10 тасини ушлаб қолган.
Исроил ҳарбийлари бунга жавобан Ғазо секторидаги 130 га яқин нишонга зарба берган. Исроил мудофаа кучларининг хабар беришича, Исроилга ракета отган Фаластин гуруҳининг 15 аъзоси жавоб зарбасида ҳалок бўлган.
Маълумот ўрнида, Ғазо секторидан 10 май куни эрталаб ҳам ракета учирилишига жавобан Исроил зарба берган. Шундан сўнг Фаластин анклави Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ғазо секторида 21 кишининг ўлими, 75 кишининг жароҳат олгани ҳақида маълум қилган.
Ракеталар Исроил полицияси фаластинликлар билан тўқнашган Шарқий Қуддусдаги можаролар кучайган бир пайтда юз берган.
Аввалроқ фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасидаги тўқнашувлар ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Исроилда ўтказилаётган диний маросимда одамлар тиқилинч бўлган трибуна қулаб тушгани маълум қилинганди.