«Минг ўрик» ёдгорлиги ёнидаги қурилиш ишлари тегишли тартибда рухсат олинмасдан бошлангани маълум қилинди
Тошкентдаги «Минг ўрик» ёдгорлиги ёнида қурилиш ишлари бошланганига изоҳ берилган, шунингдек, вазият Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан назоратга олингани хабар қилинганди. Сенат 10 май куни ушбу масала юзасидан янги маълумотларни тақдим этди.

Маълум қилинишича, қўмита томонидан дастлабки олиб борилган ўрганишлар натижасида археология ёдгорлигининг муҳофаза ҳудудида Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий бошқармасидан рухсат олмасдан, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Маънавият ва маърифат маркази қурилиш ишларини бошлаб юборгани маълум бўлган. 4 майда ўтказилган мониторинг жараёнида эса ушбу қурилиш ишлари тўхтатилмагани аниқланган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармаси томонидан 4 майдаги 240-сонли хат билан Тошкент шаҳар Прокуратурасига ҳолат юзасидан чора кўрилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилинган.
Қайд этилишича, шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан 6 май куни Маданий мерос бошқармасига тақдим этилган қурилиш билан боғлиқ лойиҳа ҳужжатлари Маданий мерос департаменти ҳузуридаги Илмий эксперт кенгаши томонидан рад қилинган ва навбатдаги илмий кенгашга тақдим этиш таклифи билдирилган. Археолог мутахассислар томонидан қайта хулосалар олинган.
Ҳозирда мазкур масала Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан доимий назоратга олинган.
Аввалроқ Франциядаги музейда Ўзбекистоннинг маданий меросига бағишланган кўргазма ўтказилиши маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2 та ОТМда Маданий мерос объектларини асраш факультети очилиши хабар берилганди.