Ўзбекистонда уруш қатнашчиларининг пенсия миқдори оширилди
Шавкат Мирзиёев 11 май куни «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг моддий таъминотини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, қарор кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг самарали тизимини шакллантириш, Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга фаол қатнашаётган қарияларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган фахрийларнинг моддий таъминотини янада кучайтириш мақсадида қабул қилинган.
Унга кўра,
- 2021 йил 10 майдан бошлаб 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда – 2,5 миллион сўм этиб белгиланди.
- Мазкур фармонни бажариш билан боғлиқ бўлган сарф-харажатлар Молия вазирлиги ҳузуридаги буджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва республика буджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилди.
- Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларга ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритди.
- Мазкур фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юкланди.
Аввалроқ Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига бир марталик пул мукофоти берилиши ҳақида хабар берилганди.