Ўзбекистонда юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари яқинига уй қуриш мумкинми?
АОКАда 11 май, сешанба куни «Миллий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Ўринов иштирокида бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистонда юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ва подстанциялар яқинига қандай объектларни қуриш мумкин эмаслиги ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Мутахассиснинг маълум қилишича, техник қоидалар, нормалар ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ яратилган электр тармоғи хўжалиги объектларига юриб ўтиш ва транспорт воситасида ўтиш жойларига ҳар қандай объектларни, предметларни жойлаштириш, шунингдек, электр тармоғи хўжалиги объектларига кириш йўлларини барпо қилмай туриб, бундай киришларга халақит берувчи ҳар қандай ишни амалга ошириш ва иншоотлар барпо этиш мумкин эмас.
Бундан ташқари, болалар ва спорт майдончалари, стадионлар, бозорлар, савдо шохобчалари, дала шийпонлари, моллар учун қўралар, ҳар қандай турдаги машина ва механизмлар учун гаражлар ва турар жойларни жойлаштириш, ўрнатилган тартибда рухсат этилган ишларни бажариш билан боғлиқ бўлмаган ва кўплаб одамлар йиғилиши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай тадбирларни ўтказиш ҳамда ахлатхоналарни қуриш мумкин эмаслиги айтилган.
Шу билан бирга, зарба берувчи механизмлар билан ишларни амалга ошириш, массаси 5 тоннадан ортиқ оғирликларни ташлаш, емирувчи-коррозияловчи моддаларни, ёқилғи-мойлаш материалларини ташлаш ва қўйиш тақиқланади.
Аввалроқ Ўзбекистонда электр тармоққа уланиш учун бир марталик тўлов йўлга қўйилиши мумкинлиги хабар қилинганди.