Ўзбекистондаги мактабларда ўзбек тили чет тили сифатида ўқитилади
Ўзбекистондаги мактабларда ўзга тилда бўлган синфларда давлат тили – ўзбек тили ҳам чет тили каби ўргатилади. Бу ҳақда Республика таълим маркази ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, шу пайтгача ўзга тилли синфларда ўзбек тили худди ўзбек синфларига ўтиладиган она тили каби ўтиб келинаётганди. Бу эса ўзга миллат вакилларига қийинлик қиларди. Энди эса таълим тили ўзга тилда бўлган синфларда давлат тили — ўзбек тили ҳам чет тили каби ўргатилади. Миллий ўқув дастури асосида ўзга миллат вакиллари учун 2-синф ўзбек тили дарслиги яратилган. Ушбу дарслик 2021/2022 ўқув йилида амалиётга жорий этилади.
Ўзбек тилини чет тили сифатида ўқитиш кўзда тутилган янги дарсликлар тил ўргатишнинг халқаро стандартлари асосида яратилмоқда. Бунда,
Нутқий компетенциялар:
- актив — гапириш, ёзиш;
- пассив — ўқиб тушуниш, тинглаб тушуниш.
Лексик компетенциялар:
- грамматика;
- лексика — А1, А2, B1, B2 кўринишида синфлар кесимида тақсимланган.
Яратилган дарслик ўқувчида тил ўрганиш кўникмасини фаоллаштиради:
- ўқув дарслиги асосида «Ўқитувчи китоби» ва «Ўқувчи машқ дафтари» жорий этилди;
- лотин алифбосига асосланган ўзбек алифбоси, ҳафта кунлари, саноқ сонлар илк бора ўзбек тилида MP3 форматда болалар тилидан қўшиқ қилиб куйланган ва QR-код орқали китоб саҳифаларидан ўрин олган;
- иккинчи тил китобларидаги луғат-таржималар, одатда, икки тилда бўлса, эндиликда улар кенг аудиторияни ҳисобга олиб қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, туркман, тожик, рус ва инглиз тилларига ҳам таржима қилиниб, QR-код тизими орқали жойлаштириляпти;
- замонавий дарсликни яратишда тез айтиш, топишмоқ, ўйлаб топ, илон изи, «ҳа/йўқ», Т-схема, мантиқан ўйлаб топ, ребус, судоку, мунстерберг, шмуц, расмлар ўрнига сўзларни жойла, комикс каби методлардан фойдаланилган;
- ўқувчининг психологик, ёш хусусиятлари ҳам ҳисобга олиниб, расмлар 70 фоиз, матнлар 30 фоиз ўрин эгаллаган;
- фанлараро интеграция (STEAM) тўла таъминланган.
Аввалроқ Ўзбекистондаги мактабларда 2 та фан бирлаштирилиб, ягона фан ташкил этилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда мактаб ўқитувчиларига янги адабиётлар сотиб олиш учун бюджетдан маблағ ажратилиши маълум қилинган.