Президент мактабларига қабул кунлари ва кириш имтиҳони тартиби маълум бўлди
АОКАда 11 май, сешанба куни ўтказилган матбуот анжуманида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Ҳилола Умарова Президент мактабларига қабул жараёнлари ва кириш имтиҳонлари тўғрисида маълумот берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Қайд этилишича, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тасарруфида 16 мактаб таълим жараёнини олиб бормоқда. Улардан 4 таси Президент мактаби, 9 таси ижод мактаби, 3 таси ихтисослаштирилган мактаб.
«Бу йил Президент мактабларига қабул жараёни 5 июндан 25 июнга қадар, яъни рўйхатдан ўтиш жараёни бўлади. Кириш имтиҳонлари 2 босқичдан иборат бўлиб, биринчи саралаш босқичи 20–25 июлда, иккинчи якуний имтиҳонлар 20–23 августда бўлиб ўтади. Ўтган ўқув йилида пандемия сабаб кириш имтиҳонлари бўлмади. Жорий йилда 10 та ҳудудда 5-синфдан 9-синфгача, қолган 4 та мактабда 5–6 синфлар учун қабул бўлади», — деди Ҳилола Умарова.
Агентлик директорининг сўзларига кўра, 2021 йил ҳужжатлар онлайн тарзда топширилади. Талабгор платформа орқали ота-онаси ёрдамида ҳужжатларни тўлдириши керак бўлади.
Маълумот ўрнида, жорий ўқув йилидан яна 10 та янги Президент мактаби Бухоро, Фарғона, Жиззах, Самарқанд, Қарши, Андижон, Гулистон, Навоий, Термиз, Нурафшон шаҳарларида очилишига тайёргарлик кўрилмоқда. Хусусан, ҳозирга қадар Тошкент шаҳри, Наманган, Хива ва Нукус шаҳарларида Президент мактаблари фаолият кўрсатаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент мактаби имтиҳонларига тайёрлайдиган китоблар сотилаётгани айтилган хабарга ойдинлик киритилганди.