Самарқандда газга ноқонуний уланган иссиқхона аниқланди
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида газга ноқонуний уланган иссиқхона аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Пастдарғом туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда фуқаро М.М. ўзига тегишли ер участкасида иссиқхона ташкил қилиб, газ тармоғига ноқонуний улангани маълум бўлган.
Аниқланишича, табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани оқибатида «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти ҳудудий филиалига 70,7 миллион сўм зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Бухорода газдан ноқонуний фойдаланган иссиқхона аниқлангани маълум қилинган. Шунингдек, Самарқандда газга ноқонуний уланган оҳак ишлаб чиқарувчи яширин цех аниқлангани хабар қилинган.