Самарқандда шеригини ўлдирган 4 нафар мардикор суд қилинди — видео
Самарқанд вилоятида ичкилик оқибатида жанжаллашиб, шеригини ўлдирган 4 нафар мардикор суд қилинди. Бу ҳақда «Zamon» дастурида маълум қилинди.

Маълум қилинишича, 2020 йил 10 декабрь куни соат 21:00 да Самарқанд тумани Янгиариқ маҳалласидаги мардикор бозорида 4 нафар мардикор муштлашган. Улар кечки пайт овқатланиб, спиртли ичимликлар ичган. Овқатланиб чиққандан сўнг улардан бири шерикларини ҳақорат қилган ва З.ни урган.
Шунингдек, улар жанжални автобус бекатида давом эттирган. Марҳумнинг шериклари унинг юзига уриб, оёқлари ва бел қисмига тепган. Оқибатда йигит вафот этган.
Ҳолат юзасидан улар Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Жазони ўташ муддати ушланган кундан бошлаб ҳисобланади.
Аввалроқ Жиззахда маст эркак жанжаллашиб, танишини ўлдириб қўйгани хабар қилинганди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда эркак танишини жанжал сабаб уриб ўлдиргани маълум қилинган.