Тошкент вилоятида 2 та юк машинаси ва «Lacetti» иштирокида содир бўлган ЙТҲда машиналар ёниб кетди — видео
Тошкент вилояти Оҳангарон туманида 10 май куни 2 та юк машинаси ва «Lacetti» иштирокида содир бўлган ЙТҲда машиналар ёниб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 10 май куни соат 21:46 да Оҳангарон тумани Ойбулоқ маҳалласидан ўтувчи А-373 Тошкент–Ўш, Олмалиқ–Тошкент автомобиль йўлининг кесишмасида «MAN» русумли юк машинаси, «Lacetti» русумли енгил автомобиль ва «Камаз» русумли юк машинаси иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Қайд этилишича, ЙТҲ оқибатида ёнғин келиб чиқиб, «Lacetti» ва «Камаз» ҳайдовчилари енгил тан жароҳати олишган ва уларнинг бошқарувидаги автоуловлар тўлиқ ёнғиндан зарарланган. Ҳодиса жойига Оҳангарон туман ФВБнинг 4 та ёнғин-қутқарув гуруҳи 21:56 да етиб борган. Ёнғин 21:58 да қуршаб олиниб, 22:08 да тўлиқ бартараф этилган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Жиззахда «Cobalt» ва «Волга» иштирокидаги автоҳалокат оқибатида 2 киши ёниб кетгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Қашқадарёда бетон тўсиққа урилган «Nexia» ёниб кетгани маълум қилинган.