Тошкент вилоятида 30 минг долларга ноқонуний дори сотаётганлар ушланди
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 30 минг долларга ноқонуний дори сотаётганлар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, департамент ҳамда Давлат божхона қўмитасининг вилоят бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро М.А. ва бошқалар дори воситаларини дорихоналардан ташқарида сотаётгани аниқланган.
Таъкидланишича, улар хорижда ишлаб чиқарилган 750 ўрам «Remdisivir for Injektor 100mg» номли дори воситаларини 30 000 долларга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Шунингдек, Бўстонлиқ туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.А. 3 турдаги 10 740 қути дори воситаларини 10 200 долларга дорихоналардан ташқарида сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (Дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда 10,5 минг долларга дори воситаларини дорихоналардан ташқарида ноқонуний сотаётганлар ушлангани маълум қилинган. Шунингдек, Ўзбекистонда 2020 йилда дориларнинг ноқонуний савдосига доир қанча ҳолат қайд этилгани хабар қилинган.