Тошкентда эркак жанжал сабаб 24 ёшли йигитга қайчи билан ҳужум қилди
Тошкент шаҳар Чилонзор туманида 8 май куни эркак жанжал сабаб 24 ёшли йигитга қайчи билан ҳужум қилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, воқеа соат 19:30 атрофида туманнинг ТХАЙ кўчасида жойлашган гипермаркет қаршисидаги ерости йўлагининг ёнида содир бўлган.

Аниқланишича, 25 ёшли М.Б. унинг ёнида турган 24 ёшли Р.М. билан жанжаллашиб қолиб, ёнида бўлган тикувчилар қайчиси билан танасининг турли жойларига уриб, жароҳат етказган. Шунингдек, тиббий маълумотномада Р.М.нинг танасида чуқур санчиб кесилган жароҳатлар борлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани бўйича ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан М.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Фарғонада косиб унга жароҳат етказмоқчи бўлган 2 йигитга қайчи билан ҳужум қилгани маълум қилинган. Шунингдек, Тошкентда куёв йўлини тўсган қайнанасини итариб юбориб, қайнатасини пичоқлагани ҳақида хабар берилган.