«Boeing» самолётларидан бирида жиддий муаммо аниқланди
«Boeing 737 Мах» самолётининг электр таъминоти тизимида янги носозлик аниқланди. Бу двигателнинг муздан ҳимояланишига таъсир қилиши ва муҳим функцияларни йўқотишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Федерал авиация маъмуриятига (ФАА) таяниб, «Российская газета» хабар берди.

Келтирилишича, апрель ойида электр таъминоти тизимида юзага келиши мумкин бўлган муаммонинг аниқланиши сабабли дунёдаги 24 та авиакомпаниядаги 100 дан ортиқ «737 Мах» самолётларининг парвози қолдирилган ва янги самолётларни етказиб бериш жараёни тўхтатилган.
Таъкидлашича, носозлик «737 Мах 8» самолётининг синов парвозида аниқланган. Унга кўра, самолётдаги электр таъминоти тизимлари нотўғри ишлаган. ФАА, ўз навбатида, вақт ўтиши билан парвозда бўлган бошқа «737 Mах» самолётларда ҳам шу каби камчиликлар келиб чиқиши мумкинлигидан хавотир олмоқда.
Аввалроқ АҚШда «Boeing-777» самолётининг двигатели парвоз вақтида ёниб кетгани сабаби маълум қилинган. Шунингдек, АҚШда самолёт ҳаракатланиб кетаётган машина устига қулаб тушгани хабар қилинган.