Бухорода боғча боласига зулм қилган тарбиячи бўйича муносабат билдирилди
Бухоро шаҳридаги 13-давлат мактабгача таълим ташкилотида болага тарбиячи томонидан зулм қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Мактабгача таълим вазирлиги ҳолат юзасидан «Bugun.uz»га муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳридаги 13-давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячилари томонидан болаларга қаттиқ қўллик билан жазо берилаётгани акс этган мурожаат тарқалган. Боланинг онаси боғча мудирасига мурожаат килганида мудира тарбиячининг ёнини олиб, аёлни куркитишга тушган.
Қайд этилишича, воқеликка аниқлик киритиш мақсадида тегишли ишчи гуруҳ Бухоро шаҳридаги 13-давлат мактабгача таълим ташкилотида бўлган. Ҳолат мурожаат муаллифи иштирокида ўрганиб чиқилиб, тарбиячи ҳамда тарбиячи ёрдамчиларига «хайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилган.
Аввалроқ Наманган вилояти Давлатобод туманидаги 6 ёшли тарбияланувчи қаттиқ куйиш оқибатида вафот этгани маълум қилинган эди. Кейинчалик, мазкур ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилганди. Шунингдек, Фарғонадаги ўнлаб боғчаларга сифатсиз гўшт етказиб берилаётгани аниқлангани хабар қилинган.