Дунё соғлиқни сақлаш тизими янги пандемияга қанчалик тайёр?
Глобал соғлиқни сақлаш тизимининг ҳозирги ҳолати янги пандемия ривожланишига тўсқинлик қила олмайди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мустақил экспертлар гуруҳининг пандемияга тайёргарликни баҳолаш бўйича эълон қилинган ҳисоботига таяниб, «The Guardian» хабар берди.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, 2020 йилнинг февраль ойи «йўқотилган» даврга айланган. Зеро, ўша пайтда аксарият мамлакатлар коронавирус инфекциясининг тарқалишини тўхтатиш чораларини кўришлари мумкин бўлган, аммо амалга оширилмаган. Бунга эса касаллик ҳақида вақтида маълум қилинмагани сабаб бўлган.
«Келиб чиқиши номаълум бўлган пневмония касаллиги (коронавирус) ҳақида соғлиқни сақлаш тизими бирор чора кўришга улгуриши учун керакли вақтда огоҳлантирилмади. Бу жараён жуда узоқ вақтни талаб қилди», дейилади ҳисоботда.
Қайд этилишича, мутахассислар гуруҳи тизим ҳозирги ҳолатида ҳам ҳар қандай вақтда пайдо бўлиши мумкин бўлган бошқа янги ва ўта юқумли касаллик пандемияси қарши тура олмайди дея ҳисоблаб, зудлик билан тезкор чоралар кўриш кераклигини таъкидлаган.
Аввалроқ ЖССТ коронавирус пандемиясининг болалар учун жиддий хавфини маълум қилган. Шунингдек, ташкилот Ҳиндистондаги коронавирус штамми дунё учун муаммога айланишидан огоҳлантирганди.