«Ҳамма масъулларнинг олдига кириб чиқдим ҳолат юзасидан». Қаршида қиз номуси топталгани учун ўз жонига бир неча бор қасд қилди
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида яшовчи қиз Р.Г. 2020 йил 17 октябрь куни таниши М.Х. билан уйига борган ва эркак шу ерда унинг номусига теккан. Қиз бу ҳақда «Nasafnews»га берган интервьюсида маълум қилди.

Таъкидланишича, бўлиб ўтган воқеадан сўнг қиз ўз жонига бир неча бор қасд қилган. У 2021 йил 3 февраль куни Яккабоғ тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез-тиббий ёрдам бўлимининг том қисмига чиқиб, ошхона пичоғи билан ўзига жароҳат етказмоқчи бўлган. 25 март куни эса кўп миқдорда дори воситаларини истеъмол қилган.
«24 март куни ота-онамдан, яқинларимдан уялганимдан, уларни гап-сўзга қўйганим учун уйдан чиқиб кетдим. 25 март куни эса 37 дона дори ичиб, катта йўлдан ўтаётган вақтимда ҳушдан кетиб, Қарши шаҳар тез-тиббий ёрдам бўлимига тушдим. Ўша ерда даволандим. Ҳаётим сақлаб қолинди», — дейди қиз.
Шунингдек, у 2020 йил номуси топталган воқеага тўхталиб, шундай деган:
«Ҳолат 2020 йил 17 октябрь куни бўлган. 2020 йил 22 октябрь куни ариза бердим. Видеомурожаат қилишимдан мақсад жамоатчилик ёнида ўзимни шарманда қилиш ёки ота-онамнинг юзини ерга қаратиш эмас. Мендан 6 ойдан бери ўтаётган азобни, салбий фикр билдираётганлар кўрсин менинг ҳолатимни. Ким-кимларга мурожаат қилмадим, ким-кимларга бормадим. Ҳамма масъулларнинг олдига кириб-чиқдим ҳолат юзасидан. Туман прокурорига ҳам, шаҳар прокурорига ҳам, вилоят прокурорига ҳам, вилоят ‘началники’га ҳам, тергов бошқармаси бошлиғига ҳам мурожаат қилдим.
‘Мана шу хулосалар сохта, лекин тергов жараёнларида аниқлик киритилмаяпти, менинг ҳаётим ҳал бўляпти, нима учун экспертиза сохта хулоса берадию, сизлар бу нарсага аниқлик киритиб беролмайсизлар?ʼ — деб сўрадим. Мен агар ноҳақ бўлсайдим, шунча вақт давомида югурмаган бўлар эдим. Мендан ўтаётганларни ҳеч ким тасаввур ҳам қилолмайди», — дейди қиз.
Хабарда айтилишича, нашр мухбири мазкур ҳолат юзасидан дастлаб қиз истиқомат қилаётган Мағзон маҳалласи профилактика инспектори Абдужалил Бўриев билан боғланди. «Ҳамма нарсадан хабаримиз бор. Ҳали тергов давом этяпти. Агар қанақир ‘дело’ бўйича маълумот керак бўлса, терговчига мурожаат қиласизлар», — деди Бўриев.
«Профилактик иш олиб борилган. ‘Участковой’ билан иккаламиз ўтириб, ишладик қиз билан. У аслида бизларга мурожаат қилгани йўқ. Бизлар бориб, ички ишлар билан ўша эркак топилди. Унинг онаси келди. Тушунтириш хатларини олдик. Ўзи билан ишладик. Унга вазият тушунтирилди», – дейди маҳалла раиси ўринбосари Назира Йўлдошева.
Шунингдек, Қашқадарё вилоят прокуратурасидан воқеа юзасидан маълумот олинган. Прокуратура ахборот хизматининг айтишича, ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 118-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда Қарши шаҳар ИИБ ТБ томонидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Қашқадарёда ҳомиладор ўқитувчи калтаклангани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик ХТВ Қашқадарёда калтакланган ҳомиладор ўқитувчи иши юзасидан муносабат билдирган.