Янгиликлар

«Ўлдириб, жасадини йўқотиб беришни илтимос қилдим». Тошкентда аёл синглисини ўлдириш учун қотил ёллади

Тошкент шаҳар Юнусобод туманида синглисини ўлдириш учун 5 минг долларга қотил ёллаган аёл суд қилинди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»/Иллюстратив

Хабарга кўра, аёл синглиси билан 2019 йилга қадар иноқ яшаган. Синглиси 2010 йилда Намангандан опасининг олдига, Тошкентга келган. Улар 2012 йилда Юнусобод туманидан уй сотиб олган. Аёлнинг маълум қилишича, улар «Абу сахий» бозорида совун ва хўжалик маҳсулотларини сотиш билан шуғулланган.

«Биз ‘Абу сахий’ бозорида совун ва хўжалик маҳсулотларини сотиш билан шуғулланардик. 2018 йилнинг ёз ойларида Юнусобод туманида яшовчи Зоир исмли шахс билан танишиб қолдим. Зоир ўзининг автомашинасида менга ва синглимга тегишли юкларни айтилган жойдан олиб келар ва бозорга етказиб берар, шу орқали тирикчилик қиларди. Бора-бора Зоир билан ўртамиздаги муносабатлар чуқурлашиб, яқин инсонларга айландик», — дейди айбланувчи.

Унинг сўзларига кўра, бу иш синглисига ёқмаган. У опасидан ҳам, эркакдан ҳам учрашмасликни талаб қилиб, жанжал кўтариб келган.

«Менинг бу ишим Г.га ёқмади. У мендан ҳам, Зоирдан ҳам учрашмасликни талаб қилиб, жанжал кўтарди. Мен унинг гапларига эътибор бермай, ўз билганимдан қолмадим. Бу Г.нинг баттар жаҳлини чиқарди. У шахсий ҳаётимга аралашиб, мени камситадиган, шахсиятимга тегадиган ахлоқсиз сўзлар билан ҳақоратлайдиган бўлди. Шу орада бачадонимда пайдо бўлган миомани олдириб, жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказдим. Шифохонадан чиққанимдан кейин ҳам Г. билан орамизда каттагина жанжал бўлиб ўтди. Шундан кейин ундан қутулиш чораларини излай бошладим. Х.С.дан 5000 АҚШ доллари эвазига синглим Ражабова Гулсарани ўлдириб, жасадини йўқотиб беришни илтимос қилдим», — дейди аёл.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 30 май куни Юнусобод тумани ҳудудида Х.С. билан учрашиб, унга 5000 АҚШ доллари эвазига синглисини қасддан ўлдириш ва унинг жасадини йўқотиб бериш таклифини берган. Х.С. содир этиш учун таклиф этилаётган бу жиноят мушкул эканини айтганида, Р.Х. ундан ушбу қотилликни амалга оширишда бошқа шахсни топиб беришни илтимос қилган. Сўнг бу ҳақда таниши В.Э.га айтган. Улар ўзаро маслаҳатлашиб, режалаштирилаётган жиноий ҳаракат ҳамда унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, Юнусобод туман ИИО ФМБ раҳбарияти номига ариза билан мурожаат қилган.

Қайд этилишича, судда аёл айбига иқрорлик билдирган. У Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 1-қисми билан жиноят содир этганликда айбдор деб топилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 1-қисми билан 57-моддасини қўллаб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарёда опа-ука ўз келини ва унинг онасини ўлдириш учун қотил ёллагани ҳақида хабар берилган.

Кўп ўқилган