Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган қарор бекор қилинди
АОКАда 12 май, чоршанба куни бўлиб ўтган брифингда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича 2021 йил 8 январдаги Вазирлар Маҳкамаси қарори бекор қилингани ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Саодат Боймирзаева берган маълумотга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг «Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 8 январдаги қарори Вазирлар Маҳкамасининг «Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 28 апрелдаги қарори асосида «ўз кучини йўқотган» деб топилган.
Сабаби мазкур қарор асосида «Аёллар дафтари»ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича «Вақтинчалик тартиб» ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. Унга кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида туман (шаҳар)лар ҳокимликлари, инвестиция бўлимлари, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, тижорат банклари билан ҳамкорликда хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор берилади.
Шунингдек, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга томорқадан ва деҳқончиликдан фойдаланиш учун зарур кўмак берилади. Бунда мазкур тоифадаги хотин-қизлар учун енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, парранда, асалари, қуён, балиқ ва бедана боқишни йўлга қўйиш, деҳқончилик билан шуғулланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш ишларида ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади.
Микрокредитбанк, Агробанк ва Халқ банкининг туман (шаҳар) филиаллари орқали тадбиркорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун кредит олиш истагидаги «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар тижорат банклари орқали давлат бюджетидан молиялаштирилади. Дафтарга киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача кредит маблағлари ажратилади.
Кредитларнинг фоиз ставкаси бўйича, истисно тариқасида, 2022 йил 1 январга қадар Марказий банкнинг асосий ставкаси белгиланади. Шунингдек, янги тартибга кўра, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга белгиланган тартибда турли моддий ёрдамлар кўрсатилади, турар жой ижара компенсацияси тўлаб берилади ҳамда тиббий, ҳуқуқий, психологик ёрдамлар кўрсатилади.
Мавзуга доир:
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга 33 миллион сўм кредит ажратилиши ҳақида хабар берилган.