Қашқадарёда эркак жанжал сабаб чўпонни пичоқлади
Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида 2 май куни эркак жанжал сабаб чўпонни пичоқлади. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Яккабоғ тумани ички ишлар бўлимига 2 май куни эркак пичоқлангани ҳақида хабар келиб тушган. Унда туманнинг Уйғур МФЙсида яшовчи Б.О. шу қишлоқ ҳудудидаги адирликда қўйларини боқиб юрган вақтида пичоқлангани айтилган.
Таъкидланишича, туманнинг Қўшчинор МФЙсида яшовчи К.Т. Б.О.га унинг чайласи ёнидан қўйларини олиб ўтганини айтиб, жанжал вақтида К.Т. ошхона пичоғи билан Б.О.нинг чап кўкрак соҳасига бир маротаба санчиб олиб, тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми «л» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан содир этилган жиноят муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда тумандаги сектор раҳбарлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими, маҳалла фаоллари ва фуқаролар иштирок этган.
Аввалроқ Тошкентда йўловчи талашган ҳайдовчи бошқа бир ҳайдовчини пичоқлагани хабар қилинганди. Шунингдек, Бухорода чўпон фермерни уриб, кўзини кўр қилган эркакка суд ҳукми ўқилгани маълум қилинган.
