Қорақалпоғистондаги таъмирталаб автомобиль йўли бўйича муносабат билдирилди
Қорақалпоғистондаги таъмирталаб Ғузор–Бухоро–Нукус–Бейнеу автомобиль йўли бўйича муносабат билдирилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, йўлнинг жами узунлиги 240 километрдан иборат бўлиб, таъмирталаб қисми 100 километр экани аниқланган. Йўл Жаслиқ–Каракалпакия посёлкаси оралиғида жойлашган.
Ушбу йўлга қора қоплама ётқизилган бўлиб, бир неча йиллар давомида йўлнинг кўтариш қобилиятига нисбатан оғир вазнда бўлган автотранспорт воситаларининг мунтазам ҳаракатланиши оқибатида таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.
Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг Осиё тараққиёт банки иштирокидаги А-380 Ғузор–Бухоро– Нукус–Бейнеу автомобиль йўлининг 964–1204 км (240 км) қисмини реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори тасдиқланган.
Шунингдек, 2021 йилда ўтказилган халқаро тендер натижаларига биноан, Туркиянинг «Polat Yol Yapi San. ve Tic S.A.» компанияси (964 – 1084 километри оралиғи) ҳамда Хитойнинг «China Road and Bridge Corporation», « Third Highway Engineering Co. Ltd.» ва «Sanmenxia City Changtong Road and Bridge Construction Co., Ltd.» компаниялари (1084–1204 километри оралиғи) ғолиб деб топилиб, шартномалар имзоланган. Мазкур лойиҳа 2021–2023 йиллар оралиғида тўлиқ амалга оширилиши режалаштирилган.
Ҳозирги кунда лойиҳа доирасида халқаро компаниялар томонидан қурилиш-монтаж ишларини бошлаш бўйича махсус техникалар объектга кўчирилмоқда. Режага кўра, июнь ойидан эътиборан йўлнинг таъмирталаб қисмида қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилади.
Аввалроқ Самарқандда магистрал сув қувури ёрилиши оқибатида йўл чўккани маълум қилинган. Шунингдек, Наманганда кучли ёмғир ёғиши оқибатида транспорт ҳаракати чеклангани хабар қилинган.