Самарқандда нотариусдан 38 минг доллар талаб қилган фуқаро ушланди
Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида 7 май куни нотариусдан 38 минг доллар талаб қилган фуқаро ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, шаҳарда нотариуслик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро вилоят бршқармасига ариза билан мурожаат қилган. Унда Каттақўрғон шаҳрида яшовчи Ш. исмли шахс 2020 йил сентябрь ойидан бери уни фуқаролар ўртасидаги уй-жой олди-сотти шартномасини ноқонуний расмийлаштирганини айтиб, қаматиб юбориш билан қўрқитиб келаётгани айтилган. Шунингдек, у 38 000 доллар эвазига тинч қўйишини айтиб пул талаб қилаётгани аниқланган.
Таъкидланишича, аризага асосан Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси жиноя қидирув бўлими, Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари томонидан туманнинг Пайшанба шаҳарчасида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Баланд Чордара МФЙда яшовчи М.Ш. ариза муаллифидан 33 000 долларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Бухорода ишқий муносабатларни сир сақлаш учун эркакдан пул талаб қилган аёл ушлангани маълум қилинган. Шунингдек, Сирдарёда тадбиркорни жарима солиш билан қўрқитиб, 5 минг доллар пул талаб қилган мансабдор ушлангани хабар қилинган.
