Самарқанддаги кўриниши китоб шаклида бўлган халқаро аэропорт — фоторепортаж
Самарқанд шаҳрида янгидан реконструкция қилинаётган Самарқанд халқаро аэропорти бўйлаб ОАВ вакиллари учун ташкил этилган пресс-турда қурилиш ишлари якуни сентябрь ойига мўлжаллангани ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Маълумотларга кўра, Самарқанд халқаро аэропорти 80 миллион доллар эвазига янгича кўриниш олмоқда. Лойиҳа китоб шаклида бўлиб, бу дизайн дунёнинг бошқа бирор давлатида учрамайди. Шунга мувофиқ, аэропорт терминали юлдузлар туркуми акс эттирилган очиқ китоб кўринишига эга, шу йўл билан Мирзо Улуғбекнинг илмий асарлари тасвирланган.

Инвестиция лойиҳалари асосида янгича кўриниш оладиган аэропорт соатига 350–1000 кишига хизмат кўрсатадиган аэровокзалга эга бўлади. Иншоот барча турдаги самолётларни чекловларсиз қабул қила олади.


Самарқанд Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Ботир Нуруллоевнинг таъкидлашича, китоб кўринишидаги аэропортнинг том қисмида юлдузларнинг сурати бўлади ва улар тунда ҳам кўриниб туради. Самарқанд халқаро аэропорти реконструкциядан кейин йилига 460 мингдан 2 миллион нафаргача йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Бу эса соатига 600 кишининг келиб-кетишига имконият мавжуд бўлишини англатади.

«Самарқанд халқаро аэропорти қурилгандан кейин, унинг асосий вазифаси шундан иборатки, 5-категория осмони мақомини олади. Бутун халқаро авиакомпанияларни жалб қилган ҳолда, максимал шаклда туристларни ўзига тортади. Шу билан бирга, Самарқанд халқаро туристик дарвоза вазифасини бажариши керак. Бу сўзлар остида катта маъно яширинган. Биздан эса бу лойиҳаларни амальга оширишда катта куч ва ирода талаб қилинади», — деди Самарқанд вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос масалалари бўйича ўринбосари Ботир Нуруллоев.

Шунингдек, у авиакомпания йўловчилар ва юкларни хавфсиз ташиш билан бир қаторда, Ўзбекистондаги кичик ҳаж сафаридан ўтиб Умра зиёратини ташкил этишни мақсад қилганини ҳам маълум қилди.
«Йўловчилар ва юкларни хавфсиз ташиш билан бир қаторда, авиакомпания Ўзбекистондаги кичик ҳаж сафаридан ўтиб Умра зиёратини ташкил этишни мақсад қилган. Авиакомпания хизматларининг нархи: визалаштиришда ёрдам, ҳаво транспорти, ер усти транспорти, меҳмонхоналарда яшаш, овқатланиш ва экскурсияларни ўз ичига олади. Натижада, Самарқанд юк ташиш ҳажми ортгани сайин Марказий Осиёдаги энг йирик транспорт марказига айланади. Шубҳасиз, бу лойиҳа натижасида, Самарқанд нафақат бой меъморий меросга эга бўлган тарихий шаҳар, балки шарқнинг инновацион, замонавий, юқори технологик марказига айланади», — деди Ботир Нуруллоев.

Шунингдек, бино ёнида 730 та машинага мўлжалланган замонавий тўхташ жойи қурилади. Янги йўловчи терминалининг майдони 40,7 минг квадрат метрни ташкил этади. Аэропорт олдидаги ҳудуд — 2,29 гектар, машиналар турар жойи ҳудуди 1,8 гектар майдонни эгаллаган. 22 та ҳаво кемаси учун тўхташ ва учиш-қўниш йўлаги қурилиши ҳам якунланмоқда.

Маълумот ўрнида, Самарқанд шаҳридаги Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминалини қуришда 500 дан ортиқ мутахассис жалб қилинган. Ишчилар сони — 567 киши, муҳандис ва техник ходимлар сони — 25 киши, шундан маҳаллий аҳоли вакиллари — 561 киши, чет эллик мутахассислар сони — 6 кишини ташкил қилади.


Лойиҳани Туркиянинг «Kiklop» ва Ўзбекистоннинг «Primetime Group» компанияси амалга оширяпти. Қурилиш бош пудратчиси «Enter engineering» компаниясидир. Мюнхен ва Истанбул аэропортлари мутахассислари эса операцион фаолиятни халқаро стандартларга мувофиқ тайёрлаш мақсадида жалб этилган. Шунингдек, аэропорт 2021 йил сентябрда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.



Мавзуга доир:
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентга республикадаги илк хусусий авиакомпания самолёти келтирилгани ҳақида хабар берилган.