Шавкат Мирзиёев Туркия президенти билан телефон орқали мулоқот қилди
Шавкат Мирзиёев 12 май куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, суҳбат аввалида давлат раҳбарлари Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирини қутлаган. Ушбу муқаддас айёмнинг барча мусулмонлар учун алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этиб, биродар халқларга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилакларини изҳор қилган.
Президентлар икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини батафсил муҳокама қилган. Коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шароитда кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани таъкидланган.
Хусусан, турли даражаларда ўзаро алмашинув ва мулоқотлар фаоллашган. 2021 йил бошидан товар айирбошлаш 40 фоизга ортган, 164 та янги қўшма корхона ташкил этилган, ҳудудлар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Самарқанд шаҳрида Туркия консуллиги ўз ишини бошлаган. Қўшма маданий-гуманитар дастурлар, шу жумладан таълим, кинематография ва спорт соҳаларида амалга оширилмоқда.
Давлат раҳбарлари Стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилишини ўтказишга пухта тайёргарлик кўриш муҳим эканини қайд этган. Шу мақсадда июнь ойида Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ҳамда бизнес-форум ўтказилади.
Бундан ташқари, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, транспорт, туризм, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг бориши кўриб чиқилган. Телефон мулоқоти чоғида етакчилар халқаро сиёсат масалалари юзасидан фикр алмашган.
Президентлар Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескин тус олиши муносабати билан чуқур хавотирда эканликларини билдирган. Фаластин-Исроил муаммоси халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан аввал қабул қилинган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал этилиши лозимлиги қайд этилган.
Туркий кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Япония бош вазири билан телефон орқали мулоқот қилгани ҳақида хабар берилганди. Президент Ёсехиде Сугани Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф қилган.