YouTube TikTok билан рақобатлашиш учун 100 млн долларлик фонд ташкил қилади
YouTube ижтимоий тармоғи бир неча ой ичида фойдаланувчиларни янги YouTube Shorts платформасида видеофильмлар яратишга рағбатлантирадиган махсус фондни ишга туширади. Бу ҳақда тармоқнинг шахсий сайтида маълум қилинган.

Маълум бўлишича, жамғарма ҳажми 100 миллион долларни ташкил қилади. Маблағлар 2021–2022 йиллар давомида тўланади. Муаллифлик гонорарини олиш учун фойдаланувчи YouTube Shorts платформасига видео юклаши керак бўлади. Энг кўп кўрилган ва тингловчиларни жалб қилган видео эгалари пул билан мукофатланади.
Таъкидланишича, YouTube Shorts ҳар ой минглаб иштирокчиларни рағбатлантиришни режалаштирган. YouTube фондни YouTube Shorts’дан пул ишлашга қаратилган илк қадам эканини айтган. Платформа ҳозирча фақат АҚШ ва Ҳиндистонда ишлайди, тармоқ платформани такомиллаштириш ва янгиликлар киритиш юзасидан блогерлар билан фикр алмашишга қизиқиш билдирган.
YouTube фонд фаолияти ҳақида, масалан, фонддан тўловларни қабул қилишнинг шартлари ва талаблари қандай бўлиши ёки видео яратувчилар бир вақтнинг ўзида бир нечта мукофотларни олиши мумкинлиги ҳақида батафсил маълумот бермаган. YouTube ўзига хос видеоларни мукофотлашини айтган, бироқ бу қай тарзда текширилиши қайд этилмаган.
Аввалроқ YouTube функцияларидан бирига ўзгартириш киритиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, TikTok янги функцияни ишга тушириши маълум қилинган.